Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт қурилиши тафсилотлари маълум бўлди
Президент Шавкат Мирзиёев транспорт соҳасидаги йирик лойиҳалар бўйича ахборот билан танишди. Тақдимотда Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт қуриш режалаштирилгани маълум қилинди.
Хабарга кўра, Тошкент шаҳрига авиа йўловчилар оқими 2030 йилда 15 миллионга етиши кутилмоқда. Аммо бунга шаҳар ичида жойлашган аэропортнинг қуввати етмаслиги ва уни кенгайтириш имкони ҳам йўқлиги таъкидлаб ўтилди.
Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт қуриш режалаштирилган. Бугунги кунда хусусий шериклик бўйича хорижий компаниялар таклифлари кўриб чиқилмоқда, — дейилади хабарда.
Давлат раҳбари ушбу стратегик инфратузилмаларни пухта ўйлаб лойиҳалаштириш ва тезроқ амалий босқичга ўтиш зарурлигини таъкидлади.
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида лойиҳа тафсилотлари билан таништирди.
Янги аэропорт қурилиши транспорт-логистика инфратузилмаси мавжуд жойда режалаштирилган, — деди Маҳкамов.
Унинг сўзларига кўра, Ҳаво бандаргоҳи Тошкентдаги мавжуд аэропортдан 17 км жанубда қурилади. Янги аэропорт Тошкентни Самарқанд билан боғловчи автомобил йўли яқинида, шунингдек, режалаштирилган пуллик «Тошкент – Самарқанд» йўли яқинида жойлаштирилади.
«Ўзбекистон аэропортлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Жавлонбек Умархўжаевнинг таъкидлашича, биринчи босқичда янги аэропорт йилига 20 миллионгача йўловчига хизмат кўрсатиши, бир вақтнинг ўзида 169 та самолётни қабул қилиши ҳамда соатига 40 дан ортиқ парвоз ва қўнишларни таъминлайди.