Тошкентда қотиллик қилган шахслар қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида содир бўлган оғир жиноят бўйича суд ҳукми чиқарилди. Бу ҳақда Millar дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, фуқаро $14,5 минг миқдорида қарзини қайтармаган таниши томонидан шериги билан биргаликда бўғиб ўлдирилган.

Суд-тергов материалларига кўра, жиноят режалаштириб содир этилган — марҳум аввал ўлдирилиб, кейин жасади автомашина юкхонасига жойланган ва хилват жойга олиб бориб ташлаб кетилган.

Қолаверса, айбланувчилардан бири жиноят содир этилганидан сўнг марҳумнинг яқинлари билан бирга уни қидираётган кўриниш бериб, жиноятини яширишга уринган. Иккинчи гумонланувчи эса жасадни автомобилида бир неча соат олиб юрган.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида ўтказилган суд мажлисида барча далиллар атрофлича ўрганилиб, икки судланувчига оғир жиноят содир этгани учун 20 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Тошкент