Ўзбекистонликларга Қозоғистон ва Тожикистонга ID карта орқали ўтиш имконияти яратилади
Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни Қонунчилик палатаси мажлисида Қозоғистон ва Тожикистонга ҳам ID-карта орқали ўтиш имконияти яратилишини маълум қилди. Бу ҳақида президент матбуот котиби хабар берди.
Ҳозирги вақтда фуқароларимиз Қирғизистонга ID-карта билан бемалол бориб-келмоқда. Энди шундай тартибни Қозоғистон ва Тожикистон билан ҳам жорий этиш режалаштирилган, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожлантириш учун самарали ташқи сиёсат олиб бориш, дўст ва ҳамкорлар доирасини кенгайтириш, яқин қўшнилар билан минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш ўта муҳим вазифа эканлигини айтди. Шу мақсадда президент Ташқи сиёсат концепциясини янги таҳрирда қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.
Қайд этилишича, Марказий Осиё давлатлари ўртасида яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ташқи сиёсатда устувор йўналиш бўлиб қолади. Келгуси йили юртимизда бўлиб ўтадиган «Марказий Осиё бешлиги» учрашуви шу йўлдаги яна бир улкан амалий қадам бўлади.