Тошкент вилоятида ноқонуний қум-шағал қазиб олиш ҳолати аниқланди

Бекобод туманида Сирдарё дарёсининг ўзанидан ноқонуний тарзда қум-шағал аралашмаси қазиб олинаётгани аниқланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Рейд тадбирлари давомида фуқаро Ф.Т. ва У.Қ. махсус юкловчи техника ва юк автомобили орқали «Ачамайли» маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи Сирдарё дарёси ўзанидан қум-шағал ортиб, ҳудуддан олиб чиқиб кетаётган вақтида тўхтатилган. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур фаолият натижасида атроф-муҳитга 16,9 млрд сўм миқдорида зарар етказилган.

Ноқонуний қазиш ишлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар Тошкент вилояти прокуратурасига юборилган бўлиб, ҳозирда ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чоралар кўриш бўйича тегишли тартибда ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон