Ўзбекистон Индонезия, Таиланд ва Шри-Ланкадаги сув тошқинлари муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Индонезия, Таиланд ва Шри-Ланкада содир бўлган сув тошқинлари муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Индонезия, Таиланд ва Шри-Ланкада кузатилган кучли ёғингарчилик ҳамда сув тошқинлари оқибатида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик. Марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз. Жароҳат олганларнинг тез фурсатда соғайиб кетишларини тилаймиз, — дейилади хабарда.

Ўзбекистон Республикасининг тегишли дипломатик ваколатхоналари юзага келган фавқулодда вазият бўйича маҳаллий ҳокимият органлари билан доимий алоқа ўрнатилгани билдирилди.

Ҳозирги вақтга қадар ҳалок бўлганлар, бедарак йўқолганлар ёки жароҳат олганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлиги маълум қилинди. Вазият ТИВ ва хориждаги тегишли ваколатхоналар томонидан доимий назоратга олинган.

Зарурат туғилганда, ёрдамга муҳтож бўлган фуқаролар қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин:

• Ўзбекистоннинг Индонезиядаги Элчихонаси: +62 811 10 67 73 29;

• Ўзбекистоннинг Покистондаги Элчихонаси (Шри-Ланкадаги фуқаролар учун): +92 51 226 47 46, +92 3000 340 144;

• Ўзбекистоннинг Бангкокдаги Бош консуллиги: +66-2 675-3995, +66-2 675-3996.

Эслатиб ўтамиз, Шри-Ланка, Индонезия ва Таиландда содир бўлган сув тошқинлари ва циклонлар сабабли 1000 дан ортиқ инсон халок бўлиб, юзлаб одамлар ҳалигача бедарак йўқолган.

Жаҳон