Ўзбекистонда бир йил ичида ЙТҲ сабаб 2,1 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлди
Ўзбекистонда 2025-йилда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 2188 киши ҳалок бўлди, деб хабар қилди ИИВ ҳузуридаги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси матбуот хизмати.

Бу кўрсаткич 2024 йилга (2 199 нафар) нисбатан камайгани таъкидланди. Таҳлилларга кўра, сўнгги 5 йил (2021–2025) давомида ЙТҲлар камайиш динамикаси сақланиб қолмоқда.
Бу аҳоли ва транспорт воситалари сони ошганига қарамасдан кузатилгани билдирилди. Хусусан, аҳоли сони 2021 йилдаги 35 271 276 нафардан 2025 йилда 38 232 254 нафарга, транспорт воситалари эса 3 821 869 тадан 5 532 396 тага ошган.
Шунга қарамасдан, ўтган 5 йилда ЙТҲ оқибатида вафот этганлар сони ҳар 100 минг аҳолига нисбатан 6,9 тадан 5,7 тага, ҳар 10 минг транспорт воситасига нисбатан эса 6,3 тадан 4,0 тага камайгани кузатилган.
Таълим муассасалари атрофида ва маҳаллаларда хавфсизликни таъминлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар натижасида болалар иштирокидаги ЙТҲлар 2024 йилга нисбатан 171 тага (-9,6%), ҳалок бўлган болалар сони эса 36 тага (-12,8%) камайган.
2024 йил якунларига кўра, МДҲ давлатларида ҳар 100 минг аҳолига нисбатан энг кам содир этилган ЙТҲлар бўйича Ўзбекистон Озарбайжондан кейин 2 ўринни, ўлим билан боғлиқ ЙТҲлар кўрсаткичи бўйича эса 1-ўринни эгаллаган.





