Тошкентда фуқаролар вафот этган қариндошларининг қуролларини ўз ихтиёри билан топширди
Фуқаро марҳум отасининг хонадонида битта милтиқ, 19 дона ов қуроли, 13 дона қурол стволи ва колодкаси, шунингдек, 117 дона ўқ-дори аниқлаган

Тошкентнинг икки нафар фуқароси вафот этган яқинларидан қолган қуролларни топшириб, жиноий жавобгарликдан озод этилди, деб хабар бермоқда пойтахт ИИББ матбуот хизмати.
Яккасарой туманида яшовчи фуқаро марҳум отасининг хонадонида бутун бир қурол арсеналини аниқлаган.
Жумладан, битта милтиқ, 19 дона ов қуроли, 13 дона қурол стволи ва колодкаси, шунингдек, 117 дона ўқ-дори ихтиёрий равишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилган.
Миробод туманида эса бир аёл марҳум турмуш ўртоғидан қолган иккита ов милтиғи ва 181 дона ўқ-дорини ички ишлар органларига олиб келиб топширган.
Қонунчиликка кўра, ноқонуний сақланаётган қурол, ўқ-дори, портловчи моддалар ёки портлатиш воситаларини ихтиёрий равишда топширган шахс жиноий жавобгарликдан озод этилади. Бироқ улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқланса, қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Шу боис, фуқаролардан уйларида ноқонуний сақланаётган қурол-яроғ ва ўқ-дорилар мавжуд бўлса, уларни ихтиёрий равишда топшириш кераклиги эслатилди.





