Исроил 600 минг фаластинлик учун лагерь қуришни режалаштирмоқда
Исроил мудофаа вазири Исроил Катс Ғазо секторининг жанубидаги Рафаҳ харобалари ўрнида 600 минг фаластинликни жойлаштириш учун «инсонпарварлик шаҳри» қурилишини буюрди. Бу ҳақда Der Spiegel нашри хабар берди.
Лойиҳага кўра, лагерь 60 кун ичида барпо этилиши ва у инсоний фалокатни юмшатиш, ҲАМАС таъсирини камайтиришга хизмат қилиши керак. Катснинг сўзларига кўра, лагерь бошқаруви халқаро ҳамкорларга топширилади, хавфсизликни эса Исроил армияси таъминлайди.
Лагерга кирувчилар “ишончлилик текшируви”дан ўтказилади. Шунингдек, Катс лагердагилар уни тарк эта олмаслигини алоҳида таъкидлади.
Исроиллик инсон ҳуқуқлари фаоли Майкл Сфард бу режани The Guardian нашрига берган интервьюсида «инсониятга қарши жиноят» деб баҳолаган.
Ғазода ҳозирда 2 млндан ортиқ аҳоли яшамоқда, уларнинг аксарияти 2023 йил октябрь ойидан буён давом этаётган уруш оқибатида ўз уйидан айрилган.
Шунингдек, 18 май куни Исроил армияси «Гидеон аравалари» деб номланган кенг кўламли қуруқлик операцияси бошланганини эълон қилганди. Унда бешта дивизия иштирок этмоқда. Ушбу операция доирасида Ғазо жанубида ягона гуманитар ҳудуд ташкил этилиши, у ерда 2 млнга яқин тинч аҳоли жойлаштирилиши режалаштирилган.