Россия ҳарбийлари Ўзбекистонга «Ҳамкорлик-2025» машғулотларида қатнашиш учун келди

Россия ҳарбийлари 15–21 июль кунлари «Термиз» полигонида бўлиб ўтадиган «Ҳамкорлик-2025» ўқув машғулотларида иштирок этиш учун Ўзбекистонга етиб келди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Машғулотларда иштирок этувчи ҳарбий бўлинмалар Тожикистон ва Ўзбекистон тоғлари бўйлаб 300 километрдан ортиқ масофани босиб ўтиб, БТР-82А зирҳли транспортёрлари, «Урал» ва «КамАЗ» базасидаги техникаларда полигонга марш уюштирган.

Ўқув машғулотларида қуйидаги жанговар ҳаракатлар машқ қилинади:

• чегарага ноқонуний қуролли тузилмалар (НҚТ) кириб келган ҳолатда уларни аниқлаш ва йўқ қилиш;

• НҚТлар томонидан эгалланган иншоот ва позицияларни қайта эгаллаш;

• кичик душман гуруҳлари ва жангариларга қарши кураш;

• босиб олинган аҳоли пунктларини штурм қилиш ва тозалаш.

Россия контингентининг асосий қисмини Тожикистондаги 201-ҳарбий база бўлинмалари ташкил этади. Уларга тоғ ва штурм бўлинмалари, разведка, ФПВ дронлар билан ишловчи гуруҳлар, радиоэлектрон кураш ва Ми-24 вертолётлари экипажлари киради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия мудофаа вазирлари май ойида 2026–2030 йиллар учун ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолаган эди.

Ўзбекистон