Давлатлар Россия ва Шимолий Кореянинг ҳарбий ҳамкорлигини қоралади

Австралия, Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, Янги Зеландия, АҚШ, Франция, Жанубий Корея ва Япония ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас 16 декабрь куни қўшма баёнот билан чиқди. Бу ҳақида DW хабар бермоқда.

Унда Украинага қарши уруш олиб бораётган Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик, жумладан, Шимолий Корея аскарларининг Россия Федерациясининг Курск областидаги ҳарбий амалиётларга жалб этилиши қораланган.

Шимолий Кореянинг Россиянинг Украинага қарши босқинчилик урушини тўғридан тўғри қўллаб-қувватлаши можаронинг Европа ва Ҳинд-Тинч океани хавфсизлиги учун жиддий оқибатларга олиб келадиган хавфли кучайишини англатади, — дейилади Германия ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган ушбу ҳужжатда. — Шимолий Кореянинг Украинага қарши ишлатиш учун Россияга баллистик ракеталар, артиллерия снарядлари ва бошқа ҳарбий техникаларини жўнатиши, шунингдек, Шимолий Корея аскарларини Россияда ўқитиш БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1718 (2006), 1874 (2009) ва 2270 (2016) резолюцияларини қўпол равишда бузмоқда.

Баёнот муаллифлари «Россия Шимолий Кореянинг ноқонуний қурол дастурлари, жумладан, оммавий қирғин қуролларини яратиш дастурлари ва уларни етказиб бериш тизимларига ҳар қандай сиёсий, ҳарбий ёки иқтисодий ёрдам кўрсатиши эҳтимолидан чуқур хавотирда» эканини таъкидлайди. Дипломатларнинг фикрича, Россия Федерацияси ва КХДР ўртасидаги бундай ҳарбий ҳамкорлик «Корея яриморолидаги таранг вазиятни янада кучайтиради».

Биз Украинани унинг эркинлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишда қатъий қўллаб-қувватлашга содиқлигимизни биргаликда тасдиқлаймиз, биз Шимолий Кореяни Россиянинг Украинага қарши босқинчилик урушини қўллаб-қувватлашни дарҳол тўхтатишга, шу жумладан Шимолий Корея қўшинларини (ҳарбий ҳаракатлар театридан) олиб чиқиб кетишга чақирамиз, дея таъкидланади ҳужжатда.

Имзоловчи давлатлар, жумладан, халқаро ҳамжамиятнинг бошқа аъзоларини ҳам ўз чақириғига қўшилишга чақирди ва «Шимолий Корея-Россия ҳамкорлигидан келиб чиқадиган таҳдидни бартараф этиш учун, шу жумладан, иқтисодий санкцияларни қўллаш орқали ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишни давом эттириш»га ваъда берди.

Жаҳон