БМТ Бош ассамблеяси Украина бўйича Россияга қарши резолюцияни қабул қилди 

БМТ Бош ассамблеяси Украина ва Европа давлатлари томонидан тайёрланган резолюцияни қабул қилди. 

Ҳужжат Россия–Украина уруши бошланганининг уч йиллигига бағишланган бўлиб, АҚШ овоз беришда қаршилик кўрсатди. Ўзбекистон эса бетараф қолди.

Тавсиявий характерга эга бўлган резолюция учун 93 та давлат овоз берди, 18 та давлат, хусусан, Россия, Беларусь, АҚШ, Венгрия, Исроил ва КХДР қарши чиқди, 65 та давлат (Ўзбекистон, Қозоғистон, Ҳиндистон ва Хитой) бетараф қолди.

Киев 50 дан ортиқ давлат билан ҳаммуаллифликда тайёрлаган резолюция матнида Россия қўшинларини Украинадан «зудлик билан, тўлиқ ва сўзсиз» олиб чиқиб кетиш ва жанговар ҳаракатларни тўхтатиш зарурлиги айтилган. Бундан ташқари, ҳужжат муаллифлари «халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган чегаралар доирасида Украинанинг суверенитети, мустақиллиги, бирлиги ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини» тасдиқлаган.

Жаҳон