Шахсларни уларнинг розилигисиз фото ва видеога олиш тақиқланиши мумкин

Адлия вазирлиги шахсларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида айрим қонунларга ўзгартириш киритишни назарда тутувчи лойиҳани жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Лойиҳада қайд этилишича, шахсларнинг тасвиридан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларда шахсий дахлсизлик ҳуқуқи уни амалга ошириш механизмлари билан таъминланмагани сабабли чекланмоқда. 

Таклиф этилаётган қонунда шахсларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари муҳофазасини кучайтириш мақсадида Фуқаролик, Меҳнат ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинмоқда.

Қонун билан Фуқаролик кодекси 100−1-модда (Тасвирга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш) билан тўлдирилмоқда.

Янги модда билан шахсни тасвирга (фототасвир, видеоёзув, у акс этган тасвирий санъат объекти ёки уни идентификaция қилиш имконини берадиган бошқа ташқи белгилар йиғиндиси) олиш (тасвирини яратиш) ва ундан фойдаланишга фақат ушбу шахснинг розилиги билан йўл қўйилиши белгиланмоқда.

Шахс муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда, розилик унинг қонуний вакили томонидан, шунингдек, шахс вафот этган тақдирда, агар у ҳаётлиги чоғида розилик бермаган бўлса, унинг ворислари томонидан берилади. Ўн олти ёшга тўлмаган вояга етмаганлар номидан розилик уларнинг ота-онаси (ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар) томонидан берилади.

Тасвирдан фойдаланиш деганда, уни ошкор қилиш, намойиш қилиш, тарқатиш, сақлаш, ишлов бериш, чоп этиш тушунилади.

Қуйидаги ҳолларда шахсларни тасвирга олиш ва ундан фойдаланиш учун розилик олиш талаб этилмайди:

1. Тасвирдан жамият ва давлат манфаатлари учун қуйидаги мақсадларда фойдаланишда:

• тасвирдаги шахсга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда қидирув эълон қилишда;

• давлат органлари ва ташкилотлари томонидан уларга юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириш мақсадида шахсларни тасвирга олиш ва ундан фойдаланишда;

• содир этилган ёки этилаётган ноқонуний хатти-ҳаракатлар, шунингдек, жамият ва давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа воқеа-ҳодисалар тўғрисида хабар беришда, уларни тасвирга олиш ва ундан фойдаланишда (жабрланувчининг шаъни ва қадр-қиммати камситилмаслиги шарти билан);

2. Хизмат вазифасини бажариш, жамоатчилик фаолиятини амалга ошириш жараёнида давлат хизматчиси ва ҳокимият вакилини тасвирга олиш ва ундан фойдаланишда;

3. Жамоат жойлари ҳамда митинг, йиғилиш ва намойишлар, шунингдек, оммавий ва шахсий (тўй, оилавий, юбилей, дафн маросими ва бошқа) тадбирларда умумий жараёнларни акс эттириш мақсадида шахсларни тасвирга олиш ва ундан фойдаланишда;

4. Тасвир шахс томонидан ҳамма фойдалана оладиган қилинган бўлса ёки ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбадан олинган бўлса (тасвирдан тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳолатлари бундан мустасно);

5. Шахснинг ҳақ эвазига туширилган (яратилган) тасвиридан ушбу тасвирни олишдан (яратишдан) кўзланган мақсадда фойдаланилганда;

6. Жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш мақсадида видеокузатув тизимлари орқали шахсларни тасвирга олиш ва ушбу мақсадларда фойдаланишда.

Жамоат жойларида (ёки жамоат жойларига қаратилган объектларда) видеокузатув тизимлари ўрнатилган тақдирда, бу ҳақда аниқ ва барчага тушунарли огоҳлантирувчи белги ўрнатилиши шарт.

Қарорлар