Суданда ҳужумлар оқибатида 300 га яқин тинч аҳоли ҳалок бўлди
Шимолий Кордофан штатида тезкор ҳаракатланувчи ҳарбийлашган кучлар (RSF) томонидан амалга оширилган ҳужумларда камида 300 га яқин одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда Тhе Guardian нашри маҳаллий фаолларга таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, 12 июль куни RSF кучлари фуқаролар урушининг асосий фронтларидан бири бўлган Бара шаҳри яқинидаги бир нечта қишлоққа ҳужум қилган. Шаг Алном қишлоғида 200 дан ортиқ одам отишма ва ёнғинлар оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Яна бир қанча қишлоқларда ўтказилган талончилик рейдларида 38 киши ўлдирилган, кўплаб фуқаролар бедарак йўқолган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, маҳаллий шифохоналардан бирига қилинган ҳужумда 40 дан ортиқ тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлган. 13 июлда Ҳилат Ҳамид қишлоғига уюштирилган навбатдаги ҳужумда эса, жумладан, ҳомиладор аёллар ва болалар ҳам бўлиши мумкин бўлган 46 киши ҳалок бўлган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, сўнгги ҳужумлар ортидан 3,4 мингдан ортиқ одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Фавқулодда ҳуқуқшунослар ташкилоти таъкидлашича, ҳужум қилинган ҳудудларда ҳарбий объектлар бўлмаган ва бу хатти-ҳаракатлар халқаро гуманитар ҳуқуқларнинг очиқ бузилиши ҳисобланади.
Ҳозирда Судан армияси мамлакатнинг марказий ва шарқий қисмларини назорат қилаётган бўлса, RSF ғарбий ҳудудлар, жумладан, Шимолий Кордофан устидан тўлиқ назорат ўрнатишга уриняпти.
АҚШ ва бир қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари RSF’ни уруш жиноятлари, инсониятга қарши жиноятлар ҳамда геноцидда айблаб келмоқда. RSF эса ушбу жиноятларда айбдорларни жавобгарликка тортишга ваъда берган.
Судандаги фуқаролар уруши дунёдаги энг оғир гуманитар инқирозлардан бирига айланган. Мамлакат аҳолиси очлик, юқумли касалликлар ва халқаро ёрдамнинг қисқариши билан юзма-юз қолмоқда.