Валюта қимматликлари савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олинди
Ҳудудларда ноқонуний валюта савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.
Қайд қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чуст туман бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.Р. фуқаро Н.Ю.дан $4 мингни 50,8 млн сўмга харид қилаётган вақтида ушланган.
Шунингдек, Шеробод туманида ҳам ноқонуний валюта савдосига қарши тадбирда фуқаро М.Ҳ. фуқаро А.Д.га 3,9 мингни 330 минг Россия рублига сотаётган пайтда қўлга олинган.
Яна бир ҳолатда, Самарқанд шаҳри бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро З.К. фуқаро Н.Т.га $2,3 минг ва 90 минг Россия рублини 44 млн сўмга сотган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.