Россия мигрантлар учун рус тили имтиҳонларини қийинлаштиради
Россияда патент ёки яшаш учун рухсатнома (ВНЖ) олишни истаган хорижликлар учун рус тили бўйича имтиҳонлар мураккаблаштирилади. Бу ҳақда Таълим соҳасида назорат бўйича федерал хизмат – «Рособрнадзор» расмий баёнотида маълум қилинди.
Янги тартибга кўра, 2025 йил 10 июлдан бошлаб имтиҳоннинг тинглаб тушуниш бўлимидаги топшириқлар сони иккитадан тўрттага оширилади, шунингдек, минимал ўтиш балли жорий этилади. Худди шундай мажбурий баллар тизими гапириш бўлими учун ҳам амал қилади.
Бу баллар вақтинчалик яшаш учун рухсатнома ёки доимий яшаш ҳуқуқи (ВНЖ) олишда мажбурий шарт бўлади.
Бундан ташқари, 2025 йил 23 июндан бошлаб рус тили имтиҳонларидаги саволлар банки икки бараварга кўпайтирилади.
«Рособрнадзор» бу ўзгаришлар Россияда яшашни истовчи чет элликларнинг рус тилини чуқурроқ ўрганишга рағбатлантириш, шунингдек, тил билимини адолатли ва тизимли баҳолашга хизмат қилишини таъкидлаган.