Наманганда кучли таъсир қилувчи психотроп дориларни қарийб 34 млн сўмга сотаётганлар ушланди

Наманганда кучли таъсир қилувчи психотроп дориларни қарийб 34 миллион сўмга сотаётганлар қўлга олинди.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тадбирда 3 нафар фуқаро олдиндан ўзаро тил бириктириб, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган 1316 дона «Regapen» номли дори воситасини 32,9 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинган.

Шунингдек, департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда Каттақўрғон тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.С. бошқа бир фуқаро Э.га жами 56 дона «Regapen» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 1,5 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани маълум қилинган.

Янгиликлар