Тошкентда бир кунда белгиланмаган жойга чиқинди ташлаганларга 11 млн сўм жарима қўлланди
Тошкентда чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида назорат рейдлари ўтказилмоқда, деб хабар бермоқда Экология вазирлиги матбуот хизмати.
12 март куни Тошкентда ўтказилган рейд натижасида 16 та қоидабузарлик аниқланди. Қоидабузарларга нисбатан маъмурий баённомалар тузилиб, умумий суммаси 11,3 миллион сўмлик жарима солинди.
Вазирлик маълумотига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-1-моддаси 1-қисмига (маиший ва қурилиш чиқиндиларини, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш) биноан, фуқаролар 1 дан 3 БҲМ гача (375 минг сўмдан 1,1 миллион сўмгача), мансабдор шахслар эса 10 дан 20 БҲМ гача (3,7 миллион сўмдан 7,5 миллион сўмгача) жаримага тортилади.
Агар бир йил ичида такрорий равишда шу каби ҳуқуқбузарлик содир этилса, фуқаролар учун 5 дан 10 БҲМ гача (1,8 миллион сўмдан 3,5 миллион сўмгача), мансабдор шахслар учун эса 20 дан 30 БҲМ гача (7,5 миллион сўмдан 11,2 миллион сўмгача) жарима белгиланади.
Назорат рейдлари давом этмоқда.