Айрим молиявий ёрдамлар ижтимоий карта орқали берилади

Вазирлар Маҳкамасининг 11-мартдаги қарорига кўра, Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармасининг фаолияти ташкил этиш тартиби тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жамғармадан «Камбағал оилалар реестри»даги оилалар аъзоларини иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида субсидия, грант ва суддалар ажратилади.

2025-йил 1-октябрдан бошлаб жамғарма маблағлари босқичма-босқич ижтимоий карталар орқали тақдим этилади. Бу орқали фуқароларга давлат ёрдами маблағлари нақд эмас, балки карталар орқали берилади.

Шунингдек, аҳолига қуйидаги мақсадлар учун субсидиялар ажратилади:

   енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун — БҲМнинг 30 бараваригача (11,25 млн сўм);

  суғориш воситалари сотиб олиш учун — БҲМнинг 10 бараваригача (3,75 млн сўм);

  уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун — БҲМнинг 3 бараваригача (1,125 млн сўм).

Субсидия олиш учун талабгор ўз яшаш манзилидаги ҳоким ёрдамчисига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ва «Онлайн маҳалла» платформаси орқали мурожаат қилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий карта тизими ҳақида хабар берган эдик.

Қарорлар