Ижтимоий карта тизими ҳақида муҳим маълумотлар эълон қилинди
Шавкат Мирзиёев, аввалроқ, ижтимоий карта тизими жорий қилинишини эълон қилган эди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ушбу картага оид саволлар ва маълумотлар кўпайиб бораётганини инобатга олиб, энг муҳимларини аниқлаштирди.
Бунда, ижтимоий карта 2024 йилнинг декабрь ойидан бошлаб янги тайинланган 9 турдаги ижтимоий тўловлар олувчи шахсларга тақдим этилмоқда.
Ушбу шахсларга ижтимоий карталар бепул берилади ва дастлаб тўлов воситаси (банк картаси) функциясини бажаради.
2024 йил 1 декабрдан бошлаб қуйидаги тўловлар ижтимоий карта орқали тўлаб берилмоқда:
— кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси;
— кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам;
— ёшга доир нафақа;
— ногиронлик нафақаси;
— ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳар ойлик моддий ёрдам;
— ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга ногиронлик нафақалари;
— протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари хариди учун ваучер;
— боқувчисини йўқотганлик нафақаси.
Шунингдек, яна қўшимча 2 турдаги ижтимоий тўловлар, яъни ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳамда «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари ҳисобидан тўланадиган бир марталик моддий ёрдамлар ҳам тўлаб берилади.
У кимларга берилади?
— Камбағал оилалар реэстрига киритилган оилалар (шахслар);
— «Ижтимоий ҳимоя ягона реэстри» ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар;
— кўп болали оилаларнинг аъзолари;
— ногиронлиги бўлган шахслар;
— ўзгалар парваришига муҳтож шахслар бўлган ёлғиз яшовчи ва ёлғиз кексалар;
— ўзгалар парваришига муҳтож шахслар парвариши билан банд бўлган шахслар;
— етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;
— васийлар (ҳомийлар), тутинган ота-оналар;
— муомалага лаёқатсиз шахслар;
— муомала лаёқати чекланган шахслар;
— муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган шахсларнинг қонуний вакиллари;
— пенсионерлар;
— давлат бюджети маблағлари ҳисобидан стипендия тўланаётган талабалар;
— давлат бюджети маблағлари ҳисобидан стипендия тўланаётган ўқувчилар (тингловчилар);
— шаҳар йўловчи транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга.