Ғазодаги шифохоналарда ёқилги танқислиги сабаб 100 дан ортиқ чақалоқ ҳаёти хавф остида
Ғазодаги энг йирик шифохоналар — ал-Шифо ва Нассер тиббиёт марказлари ёқилғи танқислиги сабаб электр таъминоти тўхташи мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Уларнинг маълумотига кўра, 100 дан ортиқ эрта туғилган чақалоқ ва 350 нафар диализ беморининг ҳаёти хавф остида қолмоқда.
Ал-Шифо шифохонаси директори Муҳаммад Абу Салмия ёқилғининг етишмаслиги сабаб лабораториялар, қон банклари ва кислород станциялари тўхтаб қолишини айтиб, шифохонани «жим қабристонга айланиши мумкин» деб таъкидлади. Унга кўра, диализ бўлими аллақачон ёпилган, ҳозирда электр интенсив терапия ва операцион хоналарга йўналтирилмоқда.
Хон Юнусдаги Нассер шифохонаси ҳам «сўнгги ҳал қилувчи соатлар»да экани, кунига 4,5 минг литр ёқилғига эҳтиёжи борлигини, аммо ҳозирда атиги 3 минг литри қолганини маълум қилди. Шифокорлар электр ва совутгичларсиз операциялар ўтказишга мажбур бўлмоқда.
БМТнинг Гуманитар масалалар бўйича бошқармаси маълумотига кўра, Ғазодаги шифохоналар ёқилғини тежаб ишлатмоқда, тез ёрдам машиналари ишдан тўхтаган ва сув тизимлари ишламай қолиш арафасида. ОCHA Исроилни зудлик билан етарли миқдорда ёқилғи киришини таъминлашга чақирди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) эса Ғазо соғлиқни сақлаш тизимини «тиз чўккан» ҳолатда деб баҳолади. Исроилнинг Ғазога ёқилғи киритилишига тўсиқ қўйгани тўрт ойдан бери давом этмоқда.
Шунингдек, UNICEF вакили Жеймс Элдер энг яхши тиббий ходимлар ҳам дори-дармон ва ёқилғисиз ҳеч нарса қила олмаслигини таъкидлади.
2023 йил 7-октабрдан буён 1,5 мингдан ортиқ тиббий ходим ҳалок бўлган, 600 дан ортиқ соғлиқни сақлаш муассасасига ҳужум қилинган.