Шимолий Корея шарқий соҳилидан баллистик ракеталар учирди 

Шимолий Корея шарқий соҳилидаги Вонсан шаҳридан бир нечта қисқа масофали баллистик ракеталар учирилди. Бу ҳақда Жанубий Корея ҳарбийларига таяниб Reuters хабар берди

Хабарга кўра, ракеталар Сеул вақти билан 08:10 да учирилган бўлиб, улар 800 километргача масофани босиб ўтиб, денгизга қулаган.

Жанубий Корея расмийларининг таъкидлашича, мазкур синовлар эҳтимол, КХДР томонидан экспорт учун мўлжалланган ракеталар ишлашини ва барқарорлигини текшириш мақсадида ўтказилган. 

Шунингдек, расмийлар ҳолат юзасидан Сеул АҚШ ва Япония билан доимий алоқада бўлиб, маълумот алмашаётганини айтган.

Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги уч давлатнинг ядровий элчилари телефон орқали маслаҳатлашиб, бу учиришни БМТ резолюцияларига зид ҳаракат сифатида қоралаганини маълум қилган.

Жанубий Корея Бош штаби вакили Ли Сунг-жун ракеталар сони ва уларнинг техник тафсилотлари бўйича аниқ маълумот бермаган, аммо бу синовлар экспортбоп қуролларни такомиллаштиришга қаратилган бўлиши мумкинлигини айтган.

Корея Миллий бирлашув институти таҳлилчиси Хон Мин ракеталар Россияга етказилган икки турдаги қисқа масофали ракеталар бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Япония ҳам ушбу ракеталар учирилганини тасдиқлаган ва уларнинг ноодатий траектория бўйлаб ҳаракатланганини қайд этган.

 

Жаҳон