Муниса Ризаева кийинишини танқид қилган Аброр Мухтор Алий билан судлашмоқчи

Хонанда Муниса Ризаева ўзининг Instagram саҳифасидаги жонли эфирида кийинишини танқид қилган Аброр Мухтор Алий ҳақидаги фикрларга «У билан судда кўришаман» дея изоҳ қолдирди.

Фото: Instagram/ Мunisa Rizayeva

Хонанда ўзининг Instagram саҳифасига жойлаштирган сурати остида қолдирилган Аброр Мухтор Алий ҳақидаги изоҳларга «Мен у билан нимани ‘разбор’ қиламан? У билан судда кўришаман», — деб жавоб берган.

«Муниса Ризаева муслима аёлларимиз тўғрисида ўзи лойиқ бўлмаган гапларни гапириб юборди. Бу гапни ўзича оқлаши мумкин, мен ундай эдим, бундай эдим, деб. Менинг қалбим ‘кристальний’, дейиши ҳам мумкин.

Мен ер юзида қораман, мен жуда ҳам расво бўлиб кетяпман, дейдиган одам йўқ. Ўғри ҳам ўзини ҳақман дейди, фохиша ҳам ўзини тўғриман дейди. Мен бу билан Муниса Ризаевани фохиша деётганим йўқ. Одамлар Муниса Ризаеванинг жонли мулоқотида очиқ-сочиқ кийинибсиз, деса ‘кўрганмиз ҳижоблиларни’, деб ҳижобга ‘сакраяпти’.

Сенга айтиляпти кийимингни тўғрилагин, деб. Йўқ, менинг қалбим тоза, деб кетавер. Ҳижоблиларни нимага тилга оляпсан? Кўрган бўлсанг, сендан кимдир сўраяптими? Сенинг нима ишинг бор? — Шу гап сўралгани учун биздан хафа. Хафа бўлган бўлса, бурнини тишласин. Тишлай олмаса, ўша тажрибани қилсин», — дейди Аброр Мухтор Алий жонли эфирда.

Шунингдек, Муниса мухлисларидан бирининг «Балки мени шунча пайт қора рўйхатда ушлаб турганингиз етар!? Жонли эфирларингизни кўрмаганимга йил бўлди», деб қолдирлган изоҳига: «Жонли эфирларимни кўриш учун яхши нарсаларни ёзинг», деб жавоб қайтарган.

Бундан аввал Аброр Мухтор Алий бир қатор хонандалар билан тортишгани ҳақида видеолар тарқалган. Хусусан, хонанда Юлдуз Усмоновани «фатво бергани» учун «Отарчилик қилиб юрган ишинг эшак ўғрилигидан паст, аслида. Ўша ишинг ҳадисларни бундай талқин қилганингдан яхшироқ. Ўша ишингни қилавер. Нима қиласан динга аралашиб? Мен сенинг кўча тилингга, отарчиларнинг ичидаги мезонингга тупуриб қўйганман», деб ҳақорат қилган. Орадан 3 кун ўтиб ижтимоий тармоқларга хонандадан «эркак сифатида» узр сўрагани ҳақида видео жойлаштирган.

Бундан ташқари, Аброр Мухтор Алий депутат Қобил Дўстов билан муштлашган. У ижтимоий тармоқларга «Онамни ҳақорат қилди. Лекин еди, оғиз-бурни қонга тўлди. Дўстов иккиюзламачи», деб видео қўйган эди.

Шоу-бизнес