Швеция меҳнат бозорига ўзбекистонлик малакали кадрлар жалб этилади

Ўзбекистон ва Швеция ўртасида миграция соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим келишув имзоланди. Бу ҳақда Миграция агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Агентлик раҳбари Беҳзод Мусаев ва Швеция миграция вазири Жоҳан Форсселл ўртасида ўтган учрашувда икки мамлакат ўртасида қонуний ва шаффоф меҳнат миграцияси механизмларини яратиш, ноқонуний миграциянинг олдини олиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Швецияда ҳозирда демографик омиллар сабаб транспорт, қурилиш, саноат, тиббиёт, таълим ва хизмат кўрсатиш соҳаларида кадрлар етишмовчилиги юзага келган. Учрашувда Ўзбекистон ушбу соҳаларга малакали мутахассисларни етказиб бериш салоҳиятига эга экани таъкидланди.

Томонлар қуйидаги ташаббусларни илгари сурди:

• икки давлат ўртасида марказлаштирилган рақамли платформа яратиш;

• иш берувчилар талаби асосида ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш ва Швецияда бандлигини таъминлашга қаратилган пилот лойиҳаларни йўлга қўйиш.

Учрашув якунида миграция ва меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик тўғрисида қўшма декларация имзоланди. Ушбу ҳужжат ахборот алмашинуви, консуллик қўллаб-қувватлаши ва ноқонуний миграцияга қарши кураш механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Ўзбекистон