Ўзбекистон Жанубий Корея билан ҳамкорликда космосни тинчлик мақсадларида тадқиқ қилади
15 февраль куни космосни тинчлик мақсадларида тадқиқ қилиш ва ундан фойдаланиш йўналишидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш буйича Корея Аэрокосмик тадқиқотлар институти (KARI) ва «SI Imaging Services» компанияси вакиллари учрашишди. Бу ҳақда «Дунё» АА’га асосланиб UzNews маълум қилди.

Фото: russianspacesystems.ru
Хабарга кўра, Корея Республикаси Фан ва ахборот-коммуникация технологиялари вазирлиги, Жанубий Корея Аэрокосмик тадқиқотлар институти, шунингдек, Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Ўзбеккосмос» агентлиги мутахассислари ўртасида бир неча босқичда музокаралар ўтказилган.
Таъкидланишича, ушбу соҳада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон – Жанубий Корея ишчи гуруҳи тузилган.
Қайд этилишича, биргаликда амалга оширилаётган ишлар истиқболларини белгилаб олиш учун космосни тинчлик мақсадларида тадқиқ қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича қўшма ишчи гуруҳ мутахассислари ўртасида яқин муддатларда видеоконференция ўтказиш тўғрисида келишилган.