Тошкентда солиқ инспекцияси ходими пора билан ушланди
Тошкент шаҳрида солиқ инспекцияси ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.

Хусусан, Бектемир тумани солиқ инспекциясининг шўъба бошлиғи маҳаллий тадбиркорга тегишли дўконда харидорга савдо чеки берилмаганлиги ҳолати бўйича ариза келиб тушганлигидан хабардор бўлиб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ушбу мурожаат бўйича маъмурий баённома расмийлаштирмаслик ва судга тақдим этмаслик эвазига 4 млн сўм миқдорида пора талаб қилган.
У мазкур пул маблағини солиқ инспекцияси инспектори орқали олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди, — дейилади хабарда
Шунингдек, терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида жорий йилнинг апрель ойида мазкур инспектор айнан мана шу дўконда бошқа бир мижозга савдо чеки берилмаганлиги ҳолати бўйича келиб тушган мурожаатни кўрмасдан қолдириш эвазига 1,5 млн сўм олганлиги аниқланади.
Ҳозирда ушбу солиқ ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





