Россияда метрода провокацион роликлар олган блогер Jasjan қўлга олинди
Жасурбек Шодиевга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди, ҳозирги вақтда текширув ўтказилмоқда

Россияда блогер Жасурбек Шодиев (Jasjan) қўлга олинди, дея хабар берди РФ ИИВ расмий вакили Ирина Волк.
Маълумотларга кўра, Шодиев Москва метросида провокацион роликлар суратга олган. У йўловчилар билан жанжалли вазиятларни юзага келтириб, уларнинг тинчлигини бузган.
Менинг ҳамкасбларим Москва метросида провокацион роликлар суратга олиб, тарқатган чет эл фуқаросининг шахсини қисқа муддатда аниқлашди ва уни Россияни тарк этмоқчи бўлган вақтида пойтахтдаги халқаро аэропортлардан бирида қўлга олишди, — деб ёзди Волк.
Блогернинг маълум қилишича, у Москвага махсус контент суратга олиш учун келган. Шунингдек, у роликлар олдиндан саҳналаштирилганини таъкидлаган.
Ҳозирда, РФ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 20.1-моддаси (майда безорилик) бўйича баённома расмийлаштирилган. Текширув ҳаракатлари натижаларига кўра процессуал қарор қабул қилинади.





