Солиқ ходимлари 24,5 млрд сўмни талон-торож қилгани аниқланди
Ўзбекистонда солиқ идоралари ходимлари 2020—2023 йилларда 24,5 миллиард сўмни талон-торож қилгани маълум бўлди.
Қайд қилинишича, 17 нафар солиқ идоралари ходимлари, 1 нафар божхона органи ходими, 1 нафар банк ходими, 1 нафар туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ва 18 нафар тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахсларидан иборат уюшган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди.
Улар сохта корхоналар ташкил этиб, турли схемалар орқали давлат бюджетидан катта миқдордаги маблағларни ўзлаштирган.
Текширув давомида айбдорлар давлатга 6,8 миллиард сўм қайтарган. Шунингдек, 6,3 миллиард сўмлик мулк, жумладан тиббий клиника, автомойка, уйлар ва машиналар мусодара қилинган.
Суд қарорига кўра, 38 нафар шахс жиноят содир этган деб топилди. Шундан 14 нафари 5 йил 6 ойдан 7 йил 6 ойгача озодликдан маҳрум қилинди, 18 нафарига 3 йиллик синов муддати билан шартли равишда жазо тайинланди, 6 нафари эса 2 йилдан кам бўлмаган муддатга озодликни чеклаш жазосини олди.