Интернетда Божхона қўмитаси номидан пулларни ўзлаштирган жиноий гуруҳ ушланди

Интернетда Божхона қўмитаси номидан сохта саҳифалар очиб фуқаролар пулларини ўзлаштириб келган жиноий гуруҳ қўлга олинди, деб хабар беради вилояти ИИББ матбуот хизмати.

Дастлабки суриштирувларга кўра, Андижон вилоятида яшовчи 22–25 ёшли 5 нафар шахс жорий йил бошида жиноий режа тузиб, «Telegram» ва «Instagram» тармоқларида божхона тизими номидан «Мусодара товарлар» ва «Оптом склад» номлари остида канал ва гуруҳлар ташкил этган. Шунингдек, гуруҳларда «Божхона қўмитаси админи», «Ишонч сиз билан» каби ўнга яқин сохта аккаунтлар орқали ўзларини гўёки тизим ходимлари сифатида таништирган.

Улар маиший техника, музлаткич ва телевизорлар, иситиш қозонлари, ошхона ва болалар мебеллари, турли гаджетлар, жумладан iPhone телефонларининг сўнгги моделлари ҳамда кийим-кечакларни жуда арзон нархларда таклиф қилиб, аслида мавжуд бўлмаган мотоскутерларгача етказиб беришни ваъда қилган. Тўловларнинг маълум қисми эса ўзгаларнинг номига расмийлаштирилган банк карталар орқали қабул қилинган.

Натижада жиноий гуруҳ аъзолари дастлабки терговга қадар жами 60 нафар фуқаронинг ишончига кириб, фирибгарлик йўли билан 117 миллион сўм пул маблағлари ўзлаштирилган ва пулларни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлан юборгани аниқланган. Маҳсулотни талаб қилган ёки қайта алоқага чиққан жабрланувчилар эса жавобсиз қолдирилиб, ижтимоий тармоқларда «қора рўйхат»га киритилган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» ва «г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, фуқароларга етказилган моддий зарарларни қоплаш чоралари кўрилмоқда.

 

Ўзбекистон