Чет элга ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар қўлга олинди
Хорижга ишга юборишни ваъда қилиб, фуқаролардан пул олган бир нечта шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура Департаменти хабар берди.
Қайд қилинишича, Сергели туманида ўтказилган тадбирда илгари фирибгарлик жиноятлари учун судланган И.Қ. ва А.А. фуқаро А.Т.ни алдаб, уни танишлари орқали АҚШга ишга юборишини ваъда қилиб, $22 мингни олаётган вақтда ушланган.
Шу каби ҳолат Наманган вилоятида ҳам қайд этилди. Фуқаро Х.Т. А.А. ва бошқаларга Японияга ишга юбориш эвазига $32 мингдан $10 мингни олаётган вақтида қўлга олинган.
Фарғонада эса «Б.Г.» МЧЖ вилоят филиали раҳбари Н.А. ўзини Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходими сифатида таништириб, фуқарони Жанубий Кореяга юбориш эвазига $10 минг сўраган ва $5 минг олаётганида ушланган.
Андижонда «А.» ўқув маркази ходими Х.Ш. фуқарони Кореяга G1-visa билан ишга юборишни ваъда қилиб, $4,5 минг олаётган пайтда қўлга тушган.
Ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.