Жазоирда стадион тўсиғи синиши оқибатида 3 киши ҳалок бўлди
Жазоирда МC Alger футбол жамоасининг чемпионлик ғалабасини нишонлаш чоғида юз берган фожиа оқибатида 3 нафар мухлис ҳалок бўлди, ўнлаб киши тан жароҳати олди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Фожиа «5 Июль» стадионида содир бўлган. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, МC Alger жамоаси чемпионликни қўлга киритганидан сўнг, юқори трибунадаги тўсиқ синиб кетган, натижада мухлислар пастга қулаб тушган.
Воқеа оқибатида 70 дан ортиқ шахс турли даражадаги жароҳатлар билан шифохоналарга ётқизилган. Учта шифохонада ҳозирда жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
МC Alger жамоаси футболчилари ва клуб ходимлари жароҳатланганларга қон топшириш учун тиббиёт муассасаларига боришган.
Жазоир президенти Абдулмажид Таббун ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларга тезроқ соғайиб кетишини тилади.
Расмийлар воқеа юзасидан тергов ишлари бошланганини маълум қилган.