Тошкентда қўпорувчилик содир этишга тайёргарлик кўрган 20 ёшли фуқарога суд ҳукми ўқилди
Тошкентда терроризм ва экстремизмда айбланган қашқадарёлик шахс 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди ва иш ортидан медиаманбаларда турли шарҳлар юзага келди. Шаҳар судида ҳукм нотўғри талқин қилинганлиги юзасидан изоҳ берилди.

Жорий йил 2 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судида 2005 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган Т. Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 155 (терроризм), 244-1 (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244-2 (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) моддалари билан ҳукм ўқилди.
Мазкур ҳолат, ортидан айрим медиаманбаларда cудланувчининг 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилишини нотўғри талқин қилувчи видеолавҳа ва шарҳлар пайдо бўлди. Буларга тушуниб тушунмай турли хил муносабат билдирганлар учрамоқда.
Олий суд бу қарорнинг сабабларини тушунтирди.
Хусусан, судланувчи Т. Н.га нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан тергов ва унга қадар олиб борилган суриштирув тадбирлари давомида тўпланган материаллар ўрганиб чиқилганда аниқланга Т. Н. 2023 йилдан бошлаб, интернет тармоғи воситасида мустақил равишда диний билим ва тушунчаларни ўрганиши давомида диний экстремистик ва террористик ташкилотлар ғоялари таъсирига тушган.
Натижада Т. Н. Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлардан қаттиқ норози бўлиб, жаҳон интернет тармоқлари орқали Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан террорчилик ташкилоти деб тан олинган ва республикада фаолияти таъқиқланган — Суриядаги «Тавхид ва жиҳод катибаси» террорчилик ташкилоти аъзолари билан яқин алоқада бўлган ҳолда, уларнинг қўпорувчилик ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни бошлаган.
Кейинчалик, Т. Н. «Instagram» ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифаси орқали Суриядаги «Тавхид ва жиҳод катибаси» террорчилик ташкилоти сафида бўлган, Тожикистон Республикаси фуқароси — «Хабарғои сурия» профили фойдаланувчиси билан яқин алоқада бўлиб, унинг таъсирида диний қарашлари радикаллашган.
Натижада, Т. Н. жанговар ҳаракатларда иштирок этиш ва «Тавхид ва жиҳод катибаси» террорчилик ташкилоти таркибига қўшилиш мақсадида Сурияга чиқиб кетиш йўлларини суриштирган.
Шу билан бирга, Т. Н. Интернет орқали ўзи тинглаб келган террорчилик ташкилотлари ғоявий раҳнамоларининг жиҳодга чорловчи маърузаларидан таъсирланиб, Тошкент шаҳри ҳудудида қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишга тайёргарлик кўрган, — деб таъкидланди.
Бундан ташқари, судланувчи уяли алоқа воситаларида тақиқланган диний экстремистик ва террорчилик материалларини сақлаб, уларни Интернет орқали тарқатиш фаолияти билан шуғулланиб келган.
Судланувчининг ҳаракатларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг санкция қисмида узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоларини қўллаш кўзда тутилган бўлса-да, суд Т. Н.га енгилаштирувчи ҳолатларни қўллаган ҳолда инсонпарварлик принциплари асосида 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган, — дейилади хабарда.
Шунинг баробарида суд ишдаги барча тарафларга биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози бўлган тақдирда қонунда белгиланган тартибда апелляция/кассация шикояти бериши ёки протест келтириш мумкинлиги тушунтирилди.





