«Адолат» СДП – «Судьялар мақоми тўғрисида» Қонун ишлаб чиқиш ташаббускори
Судларнинг холис ва мустақил бўлиши фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончини янада оширади, жамиятда тинчлик ва барқарорлик мустаҳкамланади.
«Адолат» СДП жорий йили бўлиб ўтажак сайловлар олдидан судьялар ҳуқуқларини юқори даражада кафолатлаш ва иш юкламаларини мақбуллаштириш мақсадида «Судьялар мақоми тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурмоқда.
Хорижий давлатлар тажрибасига мурожаат қиладиган бўлсак, Польша, Россия, Германия, Япония каби давлатларда судьялар мақомига оид қонунлар мавжудлигига гувоҳ бўламиз.
«Судьялар мақоми тўғрисида» Қонун қабул қилиш зарурати қуйидаги жиҳатлари билан аҳамиятлидир:
— биринчидан, қонун судьяларнинг аниқ вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб беради;
— иккинчидан, судьяларнинг иш юкламалари қонун асосида мақбуллаштирилади;
— учинчидан, қонунда судьялар лавозимга қандай тайинланиши ва ишдан қандай озод қилиниши аниқ тартибга солинади;
— тўртинчидан, судьялар ўз фаолиятида ҳар қандай ташқи таъсирлардан ҳимояланади, қонун судьяларнинг адолатли ва мустақил қарорлар қабул қилишига тўсиқ бўладиган ташқи босимлардан ҳимояни таъминлайди;
— бешинчидан, судьяларга нисбатан ижтимоий имтиёзларнинг назарда тутилиши уларнинг коррупцион фаолиятга аралашишларининг олдини олади.
Партиямиз ташаббуси билан «Судьялар мақоми тўғрисида» Қонуннинг қабул қилиниши судьялар мустақиллиги ва ижтимоий ҳимоясини таъминлашга, шунингдек, суд ишларини самарали ташкил этишга хизмат қилади.