Сурхондарёда юк машинасидаги супургилар дастаси ичидан 612 кг гашиш топилди

Сурхондарёда супургилар дастагига яширилган 612 кило гашиш гиёҳвандлик воситасини олиб киришга уриниш Божхона қўмитаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда фош қилинди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2025 йил 9 февраль куни Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг «Айритом» чегара божхона пости орқали республикамиз ҳудудидан транзит тарзида ўтиш учун кириб келган юк автотранспорт воситасини белгиланган технологик схема асосида божхона ва чегара назоратидан ўтказиш жараёнида мазкур автотранспорт воситасига ортилган 13,5 тонна оғирликдаги супурги ходимларнинг диққатини тортди.

Шундан сўнг мазкур автотранспорт воситаси «Айритом» чегара божхона постига туташ ҳудуддаги «Термиз» ташқи иқтисодий фоалият божхона пости тасарруфидаги божхона омборига келтирилиб, ундаги товарлар тўлиқ божхона кўригидан ўтказилганда 180 та қопда 22 минг 500 дона хўжалик супургилари ортилгани аниқланган.

Мазкур супургиларни синчиклаб кўздан кечириш давомида, 2986 дона супургиларнинг дастаклари орасига айнан супурги рангига мос равишда — сариқ рангдаги скотч билан ўралган ўртача 25 сантиметр узунликдаги полиетилен ўрамлар моҳирлик билан яширилгани фош бўлди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур гиёҳвандлик воситасининг қора бозорлардаги нархи тахминан 16,5 миллион доллардан ошади.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон