Сув хўжалигида ҳуқуқбузарликларни фош этган фуқаролар рағбатлантирилади
Фуқаролар энди сув хўжалигидаги ҳуқуқбузарликларни видео ёки фото орқали фош этиб, пул мукофоти олишлари мумкин. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
7 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг 352-сонли қарори билан «Жисмоний шахслар томонидан қайд этилган сув хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида фотосурат ва (ёки) видео ёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом» тасдиқланди.
Ҳужжатга кўра, сув хўжалиги соҳасида содир этилган ҳуқуқбузарликларни аниқлаган фуқаролар бу ҳолатни фото ёки видео орқали қайд қилиб, 48 соат ичида v-nadzor.gov.uz портали орқали Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги махсус инспекцияга юбориши мумкин.
Материалларда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:
• ҳуқуқбузарлик ҳолати;
• ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга оид маълумотлар (мавжуд бўлса);
• аниқ манзил, сана ва вақт;
• видеонинг давомийлиги 120 сониядан ошмаслиги лозим.
Инспекция ушбу материалларни 10 кун ичида кўриб чиқади. Агар ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилган бўлса, огоҳлантирув ва тавсиялар билан чекланилади. Такроран қонун бузилган тақдирда эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ жарима қўлланилади.
Ҳуқуқбузарлик ҳақида фото ёки видео юборган фуқаро, суд томонидан белгиланган жарима суммасининг 25% и миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Мукофот тўловлари жарима ундирилган кундан бошлаб 15 кун ичида амалга оширилади.