Сўнгги 2,5 йилда табиатга қанча зарар етказилгани маълум қилинди

Сўнгги 2,5 йилда табиатга 1 трлн сўмга яқин зарар етказилиб, 275 та жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.

2023–2024 йиллар ва 2025 йилнинг дастлабки 5 ойида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда 3,5 мингдан ортиқ рейд тадбирларини амалга оширди.

Рейдлар давомида 110 минг нафардан ортиқ қонунбузар аниқланиб, уларга жами 115 млрд сўмлик маъмурий жарималар қўлланилган, табиатга етказилган 32 млрд сўмлик зарар бўйича даъво қўзғатилган. Шундан 66 млрд сўм ундирилгани маълум қилинди.

Сўнгги 2,5 йил давомида эса 982 млрд сўмлик зарар етказилган 429 та жиноят иши ҳужжатлари прокуратура органларига тақдим этилган, улардан 275 таси бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.

Бундан ташқари, камчиликларни бартараф этиш бўйича 4,669 мингта мажбурий экологик кўрсатмалар берилган. Табиатга етказилган 322,3 млрд сўм зарар ва 60,3 млрд сўмлик қўшимча компенсациялар ҳисоблаб чиқилган. 245 та корхона фаолияти эса камчиликлар бартараф этилмагунча вақтинча тўхтатилган.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура таркибида экологик қонунчилик ижросини назорат қилувчи махсус бошқарма ташкил этилган бўлиб, ҳозирда ушбу бошқарма билан биргаликда экологик жиноятларга қарши амалий ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон