Самарқанда хорижий корхона табиатга 7 млрд сўмдан ортиқ зарар етказди
Самарқанд вилоятида хориж корхонаси томонидан атроф-муҳитга катта миқдорда зарар етказилди, деб хабар берди Экология вазирлиги матбуот хизмати.
Жумладан, вилоятнинг Булунғур туманида жойлашган «С. И.» хорижий корхонаси фаолияти юзасидан текширув ўтказилган. Текширувда аниқланишича, ушбу туман марказидан 7,7 км шимолий-ғарбда жойлашган 11,3 гектар майдондаги лёссимон жинсдан иборат бўлган «Жомбой 3» участкасида геологик қидирув ишларини ўтказиш учун электрон онлайн аукцион ўтказилган.
Аукционда «С. И.» хорижий корхонаси ғолиб деб топилиб, 2024-йил 27-ноябрда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан геологик қидирув ишларини ўтказиш учун рухсатнома берилган.
Бироқ корхона қазиб олиш учун тегишли тартибдаги рухсатномани расмийлаштирмаган ҳамда геологик ўрганиш мақсадида берилган рухсатнома ҳамда аукцион шартларида кўрсатилган талабларга риоя қилмаган ҳолда норуда қазилмаларни ноқонуний қазиш ишларини амалга оширган.
Ўлчов ишлари амалга оширилганда хорижий корхона томонидан 50 859,25 м3 тупроқ (лёссимон жинслар) ноқонуний қазиб олинганлиги аниқланди, — дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат натижасида Ўзбекистон Республикаси «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 18-48-моддалари ҳамда «Ер қаъри тўғрисида»ги қонуннинг 34-моддаси талаблари бузилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 23-ноябрдаги 666-сон қарорига асосан табиатга 7 миллиард 374 миллион 591 минг 250 сўм зарар етказилганлиги ҳисобланди.
Тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида Бош прокуратурага юборилди.