Ўзбекистон уламолари Шавкат Мирзиёевга Рамазон ойи муносабати билан миннадорлик мактуби йўллади
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши аъзолари ва таниқли уламолар Президент Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллаб, давлат раҳбарини Рамазон ойи кириб келиши билан табриклади.

Бугун мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар жараёнида диний-маърифий соҳага, миллий қадриятларимизни тиклашга қаратилаётган алоҳида эътиборингиз юртдошларимиз қалбида шукроналик туйғусини мустаҳкамламоқда. Тажриба ва кузатишларимиздан маълумки, дунёнинг камдан-кам мамлакатларида Рамазон ойини муносиб ўтказиш бўйича Давлат Раҳбари даражасида алоҳида қарор қабул қилинади. Сизнинг ташаббусингиз билан қабул қилинаётган бундай ҳужжатлар мазкур ойни юксак инсоний фазилатлар, саховат ва меҳр-мурувват айёмига айлантирмоқда, — дейилади мактубда.
Уламолар «Инсон қадри учун!» тамойили асосида олиб борилаётган ишларнинг яққол тасдиғи сифатида, жорий йилнинг 16 февраль куни Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишдаги қарорларни алоҳида эътироф этди.
Рамазон ойи арафасида «Вақф» хайрия жамоат фондига 750 миллиард сўм ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали 300 миллиард сўм маблағ ажратилиши – давлатчигнинг тарихида мисли кўрилмаган мурувват намунаси бўлгани билдирилди. Президентнинг ушбу тарихий қарори замирида буюк муҳаддис Имом Бухорий ривоят қилган: «Амаллар ниятларга қараб эътиборлидир», деган муборак ҳадиси шарифдаги холис ва соф ниятларнинг улуғ ҳикмати мужассам эканлиги таъкидланди.
Халқ манфаати йўлидаги бу ғамхўрлик туфайли минглаб оилаларнинг мушкули осон бўлиб, миллионлаб диллар қувончга тўлиши, қанча ногиронлиги, касаллиги бор кишиларнинг даволаниш ва жарроҳлик амалиёти харажати қоплаб берилиши, шубҳасиз, юртга файзу барака олиб келиши сўзланди.

Шунингдек, мамлакатдаги 2000 дан зиёд масжидларда Хатми Қуръонларнинг тизимли ташкил этилиши, диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши ислом маърифатига қўшилган бебаҳо ҳисса эканлиги билдирилди.
Муҳтарам Президент! Сиздек адолатли, халқпарвар ва юксак эътиқодли Юртбошини Аллоҳнинг Ўзи етказган. Сизни муборак ой билан яна бир бор қутлаб, Сизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт ва масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар тилаймиз. Хонадонингиздан тинчлик-осойишталик, файзу барака аримасин. Аллоҳ таоло Сиздек ватанпарвар, эл-юрт дарди билан яшайдиган фарзандни тарбия қилган марҳум Миромон Ота ва Маърифатхон Оналаримизнинг охиратларини обод, қабрларини нурга тўлдирсин, — дейилади мактубда.
Макуб якунида, давлат раҳбари томонидан амалга оширилаётган ҳар бир хайрли ва савобли амалларнинг ажру мукофоти уларнинг пок руҳларига еткaзсин, деб таъкидлади уламолар.
Шу билан бирга, Яратган ушбу муборак кунларда Ўзбекистонни ўз паноҳида асраши, барча эзгу тилаклар ижобат бўлиши сўраб дуо қилинди.





