Сотилмаётган давлат объектлари тадбиркорларга 10 йилга ижарага берилади

Охирги 3 йилда 27 турдаги давлат хизматлари хусусий секторга берилди, яна 30 та объектни ижарага бериш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселекторда хабар берилди.

Қайд қилинишича, сотилмаётган давлат мулклари тадбиркорларга 10 йил муддатга тўғридан-тўғри ижарага берилади. Агар тадбиркорлар тўловларни 4 йил давомида мунтазам амалга оширсалар, ушбу объектларни ўз мулкларига айлантириш имконига эга бўладилар.

Бу қарор бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш ва бизнес муҳитини ривожлантиришга хизмат қилади.

Ҳар бир вазирлик ўз тизимидаги қайси хизматни хусусий секторга, жумладан аутсорсингга бериш ва янги хизматларни жорий қилиш мумкинлиги бўйича таклиф тайёрлаши керак. Бунга Рақобат қўмитаси масъул бўлади.

Тадбиркорларда ер участкалари ва давлат мулкини ижарага олиш ёки хусусийлаштириш шартлари бўйича саволлар кўплиги боис, бу борада очиқ, шаффоф, манфаатли шартларни ишлаб чиқиш ва эълон қилиш вазифаси қўйилди.

Қарорлар