Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади
Ўзбекистон президенти қарори билан Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади.
14 февралда имзоланган «Ёшлар тадбиркорлигини ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга кўра, ушбу жамғарма Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси негизида, Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида ташкил этилади.
Жамғарма маблағлари белгиланган манбалар ҳисобидан 100 миллион АҚШ доллари эквивалентига тенг суммага етказилади. Жамғарма кўмагида камида 50 минг нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш унинг фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичи ҳисобланади.
Белгиланган дарё, канал ва соҳил бўйларида хизмат кўрсатиш, кўнгилочар ва дам олиш масканларини ташкил этиш бўйича бизнес лойиҳаларни жойлаштириш учун ўрнатилган тартибда электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариш орқали ер участкалари ажратилади.
Ёшлар ишлари агентлигининг Жамғармага ажратиладиган маблағлари ҳисобидан Жамғарма ҳузурида устав фонди 10 миллион АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлган ёшларнинг истиқболли стартап лойиҳаларини молиялаштирадиган венчур жамғарма ташкил этилади.