Ҳиндистон талабаларни айрим тиббиёт олийгоҳларида таҳсил олишдан огоҳлантирди

Ҳиндистон талабаларига айрим хорижий тиббиёт университетларида ўқимасликни тавсия қилди. Бу ҳақда The New Indian Express нашри хабар берди.

Огоҳлантиришда, хусусан, Тошкент давлат тиббиёт университетининг Чирчиқ филиали Ҳиндистон тиббий таълим стандартларига жавоб бермаслиги боис, ушбу муассасада ўқиш тавсия этилмаслиги айтилган. Шунингдек, Белиздаги Марказий Америка соғлиқни сақлаш ва фанлар университети, Колумбия Марказий университети ҳамда Вашингтон соғлиқни сақлаш ва фанлар университети ҳам «қора рўйхат»га киритилган.

Ҳиндистоннинг Мексикадаги элчихонаси ва Ташқи ишлар вазирлигининг Евросиё бўлими томонидан билдирилган хавотирлар асосида чиқарилган огоҳлантиришда, бу олийгоҳларда зарур академик ва клиник стандартлар йўқлиги, инфратузилма етишмаслиги, тўловлар кўп олиниши, ёлғон маълумотлар берилиши ва ўқишни тарк этмоқчи бўлган талабаларга босим ўтказилишига урғу берилган.

Шунингдек, Ҳиндистон фуқароларига чет элда ўқиётганда Хорижий тиббиёт битирувчиси лицензияси (FMGL) талабларига қатъий амал қилиш эслатилган. Акс ҳолда, Ҳиндистонда шифокорлик фаолияти билан шуғулланиш учун рўйхатдан ўтиш рад этилиши мумкинлиги қайд этилган.

 

Жаҳон