Тошкент халқаро аэропортида 2 аёл олтинни жинсий аъзосига яшириб олиб ўтишга уринди

Тошкент халқаро аэропортида Ҳиндистонга йўл олган икки аёл йўловчи олтинни жинсий аъзосига яшириб, тилла қуймаларни олиб ўтмоқчи бўлди. Бу ҳақда «Тошкент-АЭРО» божхона комплекси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, хавфсизлик гуруҳи томонидан Тошкентдан Деҳли шаҳрига учиб кетаётган икки нафар фуқаролар кузатув остига олинади. Аёллар учиб кетиш зали орқали ҳаракатлангандан сўнг тегишли тартибда тўхтатилиб, божхона кўригидан ўтказилади.

Натижада, уларнинг жинсий аъзосига яшириб жойланган, бирида тахминий қиймати 490 млн сўм бўлган 367 грамм қуймали олтин бўлаклари топилди. Иккинчи аёлда эса 140 грамм оғирликда, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қиймати 190 млн сўм бўлган қуймали олтин бўлаклари борлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат бўйича божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон