Ўзбекистонда тақиқланган жойларда сузиш учун жарималар жорий этилиши мумкин
Ўзбекистонда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Хусусан, сув объектларида давлат назоратини юритиш ҳамда ушбу жараёнда содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг мавжуд эмаслиги, шунингдек, сув ҳавзаларида фуқароларнинг чўкиши билан боғлиқ ҳолатлар сони ортиб бораётгани қайд этилди.
Ушбу Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, фавқулодда вазиятлар, фуқаро муҳофазаси, ёнғин хавфсизлигига оид амалдаги жазо чоралари аниқлаштирилмоқда ҳамда сув ҳавзаларида хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда, — дейилади хабарда.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни 204-2-модда (сув объектларида хавфсизлик қоидаларини бузиш) билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Сув объектларида хавфсизлик қоидаларини бузиш, яъни Ўзбекистондаги пляжларни жиҳозлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаслик, фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш талабларини бузиш, жумладан, сувда оммавий дам олиш жойларида аҳоли хавфсизлигини таъминламаслик, шунингдек, сув объектларида хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслик ёки сузиш тақиқланган жойларда сузиш — фуқаролар учун 1 БҲМ (412 минг сўм), мансабдор шахслар учун эса 3 БҲМ (1,2 млн сўм) миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.
Ушбу ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил ичида такроран содир этилса, фуқаролар учун 3 БҲМ (1,2 млн сўм), мансабдор шахслар учун эса 5 БҲМ (2 млн сўм) миқдорида жарима солиниши назарда тутилган.





