АҚШ апелляция суди Трампнинг тарифларини вақтинча тиклади
АҚШ апелляция суди президент Доналд Трамп томонидан жорий қилинган импорт тарифларини вақтинча сақлаб қолиш тўғрисида қарор чиқарди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Бу қарор, АҚШ савдо суди Трампнинг тарифларини ноқонуний деб топганидан кейин қабул қилинди.
Савдо суди Трампнинг тарифф сиёсати учун ваколатини ошириб юборганини айтган ва тарифларни бекор қилганди. Аммо апелляция суди бу қарорни вақтинча тўхтатиб, тарифлар амал қилишда давом этишини маъқуллади.
Шунингдек, Трамп ижтимоий тармоқларда савдо суди қарорини қаттиқ танқид қилиб, Олий суддан тезда қарорни бекор қилишни сўраган эди.
Апелляция судининг қарорига кўра, тарифлар суд жараёни якунлангунга қадар кучда қолади. Кейинги суд мажлиси 5 июнь куни бўлиб ўтади.
Трамп маъмурияти тарифларни бошқа қонунлар асосида ҳам қўллаш имкониятини кўриб чиқмоқда. Иш охир-оқибат Олий судга бориши кутилмоқда.