АҚШ савдо суди Трамп жорий этган тарифларни ноқонуний деб топди
АҚШ федерал савдо суди президент Доналд Трамп томонидан фавқулодда ҳолатга асосланиб жорий этилган импорт божларини ноқонуний деб топди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
Уч судьядан иборат ҳайъат мазкур тарифларни бекор қилиб, уларнинг амалда қўлланилиши доимий равишда тақиқланишини буюрган.
Суд қарорида айтилишича, 1977 йилда қабул қилинган «Халқаро фавқулодда иқтисодий ваколатлар тўғрисидаги қонун» (IEEPA) Трампга импорт божларини жорий этиш ҳуқуқини бермайди.
Доналд Трамп мазкур қонун асосида ўз ихтиёри билан божлар киритган ягона президент бўлиб, савдо камомадини миллий фавқулодда ҳолат сифатида баҳолаган ва Конгресс розилигисиз ушбу чора-тадбирларни амалга оширган.
Хабарга кўра, суд қарорига норозилик билдирган кичик бизнеслар орасида вино импортчиси VOS Selections ҳам бор. Улар божлар туфайли бизнесининг жиддий зарар кўрганини таъкидлаган.
Трамп дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келадиган маҳсулотларга божлар киритиб, савдо камомадини камайтиришга уринаётган эди. Хусусан, Канада, Хитой ва Мексика маҳсулотларига божлар қўйилган, уларни фентанил гиёҳванд моддасининг ноқонуний савдосига қарши чоралар сифатида тақдим этган эди. Суд эса бу тарифларни ҳам қонунга зид деб топди.
Шунингдек, суд Трампнинг бож сиёсатидаги беқарорликка эътибор қаратди — у айрим мамлакатларга нисбатан тарифларни эълон қилиб, кейин уларни бекор қилгани кузатилган.
Қайд қилинишича, ушбу суд қарори АҚШдаги савдо сиёсатида ўзгаришларга сабаб бўлиши ва Конгресснинг божларни назорат қилиш ҳуқуқини мустаҳкамлаши кутилмоқда.