«Ташаббусли бюджет» доирасида айрим буюмларни харид қилиш тақиқланди

Олий Мажлис Сенати кенгашининг 2025 йил 13 январдаги қарорига асосан “Ташаббусли бюджет” жараёнини ўтказиш бўйича амалдаги тартибга тегишли ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар қилди. 

Унга кўра, ўз-ўзини молиялаштириш тизимига ўтилгани инобатга олинган ҳолда 2025 йил 1-мавсумидан бошлаб молиявий мустақил бўлган ОТМларнинг Ташаббусли бюджет жараёнларида иштирок этишига рухсат этилмайди.

Маблағлардан самарали фойдаланиш ҳамда ижтимоий муаммоларга кўпроқ эътибор қаратиш мақсадида Ташаббусли бюджет доирасида ташкилотлар томонидан барча турдаги автомобиллар, жамоат хавфсизлигини таъминлашга оид жиҳозлар (радар, жамоат жойларидаги кузатув камералари, светофор), раҳбар ходимлар учун мебел жиҳозларини харид қилиш тақиқланади.

Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари 10 кун муддатда Ташаббусли бюджет доирасида харид қилиниши рухсат этилган товарларнинг аниқ тавсифларини акс эттирган ҳолда қайта шакллантирилган жиҳозлар реестрини Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этилиши лозим.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда бюджет ташкилоти ходимларини мажбурий овоз беришга жалб этиш ҳолатларини олдини олиш бўйича тизимли ишларни ташкил этади ҳамда ҳар мавсум якунига кўра Сенатга ахборот киритиб боради.

Қарорлар