Ўзбекистонда театр ва цирк артистларига малака тоифаси берилади
Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат театрлари, театр студиялари, цирк ва концерт-томоша муассасаларининг артист ходимларига малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат президентнинг 2024 йил 21 февралдаги «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга ошириш давлат дастури тўғрисида”ги фармонига мувофиқ қабул қилинди. Унда давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларида фаолият юритаётган ходимларнинг фаолиятини тартибга солиш ҳамда қўшимча рағбатлантириш назарда тутилган.
Низом қуйидагиларни белгилайди:
— театр, цирк ва концерт-томоша муассасаларида малака тоифалари билан лавозимларни бериш тартиби;
— малака тоифаларини бериш мезонлари, тартиби ва муддатлари;
— тоифани пасайтириш ёки бекор қилиш асослари;
— малака тоифаларини бериш билан боғлиқ шикоятларни кўриб чиқиш тартиби.
Малака бериш қуйидаги баҳолаш мезонларига асосланади:
— ижодий қобилиятлар;
— иш стажи;
— турли концертлар ва спектаклларда иштирок этиш сифати ва сони;
— жамоат ишлари ҳамда маънавий-маърифий ва ижодий йиғилишлардаги фаоллик.
Малака тоифаси йилда бир марта белгиланади ва бадиий кенгаш хулосаси асосида муассаса директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
Маданият вазирлиги бир ой муддатда давлат театр-студиялари, цирк ва концерт-томоша муассасалари артист ходимларининг ижодий фаолиятини баҳолаш мезонларини, давлат театрлари, давлат театр-студиялари, цирк ва концерт-томоша артист ходимларининг ижро этиш меъёрларини тасдиқлаши лозим.