Тошкентда бўлажак келин ва куёвни уриб юборган ҳайдовчига ҳукм чиқарилди

Тошкентда бир йигит ва қизнинг ҳалок бўлишига сабабчи бўлган ҳайдовчига нисбатан ҳукм чиқарилди. Бу ҳақда Millar репортажида маълум қилинган.

Йўл-транспорт ҳодисаси 2025 йил август ойи охирида содир бўлган. Маълум қилинишича, Cobalt русумли автомашинани бошқарган 27 ёшли ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган.

Ҳодиса вақтида автомашинада 2001 ва 2008 йилларда туғилган йўловчилар бўлган. Уларнинг бири воқеа жойида ҳалок бўлган, иккинчиси эса бир неча кундан сўнг шифохонада вафот этган.

Ҳодиса ҳайдовчининг телефонга чалғиши оқибатида содир бўлган. У автомашинани соатига тахминан 80–90 километр тезликда бошқарган.
Қайд этилишича, ҳалок бўлган йигит ва қиз унаштирилган бўлиб, тўйга тайёргарлик кўраётган эди.

Мазкур шахс Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан айбдор деб топилиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, у 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Суд қарорига кўра, даъвогар фойдасига моддий зарарни қоплаш учун 51,1 миллион сўм, шунингдек, 800 минг сўм суд харажатлари ундирилиши белгиланди.

Ўзбекистон