Россия айрим ўзбекистонлик ва тожикистонлик фуқароларни мамлакатга киритмади

Россия чегарачилари телефонида экстремистик ёки террористик контентга эга каналларга обуна бўлган айрим Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларини мамлакатга киритмади. Бу ҳақда «ТАСС» ахборот агентлиги хабар берди.

Суд ҳужжатларига кўра, Ўзбекистон фуқароси Акмалжон Б. радикал диний блогерлар ва террорчилик ташкилотлари фаолиятини акс эттирувчи видеоларни томоша қилгани сабабли Россияга киришига рухсат берилмаган. Хавфсизлик хизматлари унга нисбатан радикал тарғиботга қизиқиш юқори экани ва бу Россия хавфсизлигига таҳдид солишини таъкидлаган.

Шунингдек, Тожикистон фуқароси Дилшод А. ҳам Россияда тақиқланган диний оқимлар вакилларининг нутқлари жойлаштирилган YouTube каналларига обуна бўлгани ва «Россияга қарши тарғибот материалларини» томоша қилгани аниқланиб, мамлакатга киритилмаган.

Бошқа ҳолатларда ҳам айрим шахсларнинг телефонларида Украина махсус хизматлари фаолияти, Россия хавфсизлик органларини танқид қилувчи ёзишмалар ва диний контент мавжуд бўлгани сабабли уларнинг киришига тўсқинлик қилинган.

Қайд этилишича, Crocus City Hall концерт залида 2024 йил 22 март куни содир бўлган терактдан кейин Россия чегараларида текширувлар кучайтирилган. Сўнгги 1,5 йил ичида Ўзбекистон ва Тожикистоннинг 20 дан ортиқ фуқароси Россияга кириш тақиқлари юзасидан судга мурожаат қилган, бироқ барча даъволар рад этилган.

 

Жаҳон