Рақобат қўмитаси телекоммуникация хизматлари операторларини огоҳлантирди

Рақобат қўмитаси фуқароларнинг мурожаатини ўрганиб, телекоммуникация хизматлари операторларини огоҳлантирди.

Қайд қилинишича, жорий йилнинг 9 ойи давомида телекоммуникация хизматлари бўйича 2 мингга яқин мурожаат келиб тушган бўлиб, уларни ўрганиш натижасида ортиқча ҳисобланган 115 млн сўм истеъмолчиларга қайтарилган.

Мурожаатларда асосан алоқа сифатининг қониқарсизлиги, ҳисоб-китобларнинг нотўғри юритилиши ва ортиқча қарздорлик ҳисобланиши, абонент розилигисиз қўшимча хизматларга ҳамда реклама мақсадидаги СМС хабарлар юборилаётганлиги аниқланган.

Шу жумладан, пулли контент хизматларга улаб қўйилганлиги, қўшимча молиявий ва савдо хизматлари кўрсатишда шартнома шартларини ва товар етказиб бериш муддатларини бузилиши, хизмат нархларининг ва тариф шартларининг ўзгарганлиги каби муаммолар билдирилган.

Ўз навбатида, мобил алоқа операторлари ва контент хизматларни тақдим этувчи субъектларнинг ўзаро келишиб олинган ҳаракатлари натижасида истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши – устун музокара кучини суиистеъмол қилиш деб эътироф этилиши ва молиявий жаримага сабаб бўлиши мумкин.

Юқоридагиларга асосан, телекоммуникация хизматлари кўрсатувчи субъектларни, шу жумладан мобил алоқа операторлари ва контент хизматларни тақдим этувчи субъектларни амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этган ҳолда фаолият олиб бориш юзасидан қатъий огоҳлантирган.

Ўзбекистон