Урганч шаҳар прокуратураси терговчиси қўлга олинди

Урганч шаҳар прокуратураси катта терговчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ДXX матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, терговчи ўз мансаб мавқейидан фойдаланиб, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан қўзғатилган ва ҳамкасби томонидан тергов олиб борилаётган жиноят ишини айблов хулосасисиз тугатиб бериш эвазига маҳаллий фуқародан $3 минг талаб қилган.

2025 йил 16–28 май кунлари у фуқародан $1 минг, 10 млн сўм, қиймати $1 минглик сейф ва 1 млн 300 минг сўмлик иш столи жамланмасини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Бироқ фуқаро ўзига нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисми бўйича қўзғатилган иш судга юборилганини билгач, терговчидан аввал берилган пул ва ашёларни қайтаришни талаб қилган.

Терговчи бу талаб асосида пуллар ва ашёларни қайтариб берган вақтда ДХХнинг Хоразм вилояти бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан терговчига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Янгиликлар